» » Донорлик акцияси ўтказилди

Донорлик акцияси ўтказилди

14-июнь — Бутунжаҳон донорлар куни муносабати билан туман тиббиёт бирлашмасида «Адолат» СДП билан ҳамкорликда «Бор меҳримиз сенга, болажон!» шиори остида беғараз донорлик акцияси ўтказилди. 

Унда ТТБ шифокор ва ҳамширалар, ҚВП мудиралари ҳамда вилоят қон қуйиш маркази шифокори Гулсара Абдуллаева, партия туман кенгаши раиси Нилуфар Акрамовалар иштирок этишди. 

Сўзга чиқувчилар, тадбирдан кўзланган асосий мақсад инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш, соғлигини мустаҳкамлашда қон қуйилишининг аҳамиятини аҳоли кенг қатламлари орасида тарғиб қилиш, фавқулодда вазиятларни ҳисобга олган ҳолда етарли қон захирасини яратиш учун кишиларда доимий донорликка бўлган ҳиссиётни уйғотишдан иборат эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтишди. 

— Биламизки, қон беғараз, ўз хоҳиш-иродаси билан келган соғлом одамлардан олинади. Мазкур акцияда мана шундай саховатпеша донорлар фаол иштирок этаётганликлари қувонарли ҳол, албатта. Жорий йилнинг бугунги кунига қадар туманимизда 390 нафар кишилар донор сифатида қон топширишган. Улар бу эзгу амаллари билан инсонлар ҳаётини сақлаб қолишдек хайрли ишга бош қўшишмоқда, — дейди туман тиббиёт бирлашмаси қон қуйиш хонаси шифокори Шоҳиста Турдибекова.

Тадбир сўнггида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашда, беғараз донорликни ривожлантириш мақсадида тарғибот-ташвиқот ишларини самарали ташкил этган бир гуруҳ тиббиёт ходимлари ҳамкор ташкилотларнинг ташаккурномалари ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Нигина РАҲМАТОВА.

комментариев